Савол ва жавоблар

  • Q: Намоз ўқиш қоидалари қандай бўлади. Мен ҳам намоз ўқимоқчиман.

    29-07-2017

    Намоз ўқиш тартиби Бир кунда беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон) намоз ўқиш ҳар бир мусулмонга фарздир.

    БОМДОД НАМОЗИ

    Бомдод намози икки ракат суннат, икки ракат фарз – жами тўрт ракатдан иборат. Бомдод намозининг икки ракат суннати қуйидагича ўқилади:

    1. «Аллоҳ ризолиги учун қибла томонга юзланиб, бугунги бомдод намозининг икки ракат суннатини ўқишни ният қилдим», деб кўнгилдан ўтказилади.

    2. «Аллоҳу акбар», деб ифтитоҳ такбири айтилади. Бу такбирда эркаклар қўллар кафтини қиблага қаратиб, бош бармоқларининг учини қулоқларининг юмшоқ жойига теккизишади. Аёллар қўлларини елка баробарида кўтарадилар.

    3. Қўллар боғланади. Эркаклар ўнг қўл кафтини чап қўл устига қўйишади. Ўнг қўлнинг бош ва кичик бармоқлари билан чап қўл билагини ушлашади. Аёллар ўнг қўлни чап қўл ус-тида тутиб, қўлларини кўкракка қўядилар. Бу ҳол «қиём» дейилади. Қиёмда (тик турган ҳолда) сажда қилинадиган жойга қараб, навбати билан, қуйидагилар ўқилади.

    САНО ДУОСИ

    Субҳанакаллоуҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва тааъла жаддука ва ла илаҳа ғойрук. Маъноси: «Аллоҳим! Сенинг номинг муборакдир. Шон-шарафинг улуғдир. Сендан ўзга илоҳ йўқдир».

    ФОТИҲА СУРАСИ

    بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ал ҳамдулиллаҳи роббил ‘аламийн. Ар-роҳманир роҳийм. Малики явмиддийн. Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн. Иҳдинас сиротол мустақийм. Сиротоллазийна анъамта ‘алайҳим ғойрил мағзуби ‘алайҳим валаззоллийн.

    "Фотиҳа" сурасининг қироатини (МП3) кўчириб олиш учун шуни босинг.

    Мазмуни: Аллоҳнинг даргоҳидан қувилган шайтон ёмонлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочаман. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман). Ҳамд оламлар рабби Аллоҳгаким, (У) меҳрибон, раҳмли ва ҳисоб-китоб куни (Қиёмат)нинг эгасидир. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз! Бизни шундай тўғри йўлга бошлагинки, (У) Сен инъом (ҳидоят) этганларнинг (пайғамбарлар, сиддиқ ва шаҳидларнинг) йўлидир, ғазабга учраган (Мусо қавмидан итоатсизларининг) ва адашган (Исо қавмининг «Аллоҳнинг фарзанди бор» дейдиган)ларнинг эмас! Фотиҳа сурасидан сўнг бир зам (қўшимча) сура ўқилади. Янги ўрганувчилар қуйидаги кичик суралардан бирини зам қилишса бўлади:

    КАВСАР СУРАСИ

    إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ Инна аътойнакал-кавсар. Фа солли лироббика ванҳар. Инна шаниака ҳувал абтар.

    "Кавсар" сурасининг қироатини (МП3) кўчириб олиш учун шуни босинг.

    Мазмуни: «(Эй Муҳаммад,) дарҳақиқат, Биз Сизга Кавсарни* бердик. Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! Албатта, ғанимингизнинг ўзи (барча яхшиликлардан) маҳрумдир». (Кавсар — жаннатдаги бир ажиб дарё ёки ҳовузнинг номи. Унинг суви асалдан тотли, қор ва сувдан оқ. Ундан ичган киши абадий чанқоқлик кўрмайди.)

    ИХЛОС СУРАСИ

    قُلْ هُوَ اللَّهُ أَحَدٌ اللَّهُ الصَّمَدُ لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус-сомад. Лам ялид. Ва лам ювлад ва лам якуллаҳу куфуван аҳад.

    "Ихлос" сурасининг қироатини (МП3) кўчириб олиш учун шуни босинг.

    Мазмуни: (Эй Муҳаммад,) айтинг: «У — Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ беҳожат, (лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган ва туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унга тенг бирор зот йўқдир».

    ФАЛАҚ СУРАСИ

    قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ الْفَلَقِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ وَمِنْ شَرِّ غَاسِقٍ إِذَا وَقَبَ وَمِنْ شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ Қул аъузу бироббил фалақ. Мин шарри ма холақ. Ва мин шарри ғосиқин иза вақоб. Ва мин шаррин-наффасати фил ‘уқод. Ва мин шарри ҳасидин иза ҳасад.

    "Фалақ" сурасининг қироатини (МП3) кўчириб олиш учун шуни босинг.

    Маъноси: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: "Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига яратган нарсаси ёвузлигидан, тугунчага дам урувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан"».

    АН-НОС СУРАСИ

    قُلْ أَعُوذُ بِرَبِّ النَّاسِ مَلِكِ النَّاسِ إِلَٰهِ النَّاسِ مِنْ شَرِّ الْوَسْوَاسِ الْخَنَّاسِ الَّذِي يُوَسْوِسُ فِي صُدُورِ النَّاسِ مِنَ الْجِنَّةِ وَالنَّاسِ Қул аъузу бирробин-наси маликин-наси илаҳин-наси мин шаррил васвасил хоннас. Аллазий ювасвису фий судурин-наси минал жиннати ван-нас.

    "Ан-Нос" сурасининг қироатини (МП3) кўчириб олиш учун шуни босинг.

    Маъноси: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: "Паноҳ тилаб илтижо қилурман одамлар Парвардигорига, одамлар Подшоҳига, одамлар Илоҳига яширин васвасачи (шайтон) ёвузлигиданки, (у) одамларнинг дилларига васваса солур. (Ўзи) жинлар ва одамлардандир"».

    1. Зам сура тугагач, «Аллоҳу акбар», деб руку қилинади. Эркаклар тирсаклари ва тиззаларини букмасдан, бармоқларини очган ҳолда, тиззаларини маҳкам чангаллаб эгиладилар. Аёллар эркакларга нисбатан озроқ эгиладилар. Тиззаларини бир оз букадилар. Бармоқларини жамлаб тиззаларини тутадилар. Рукуда уч марта «Субҳана роббиял азийм» (Эй буюк Роббим, Сен барча нуқсонлардан поксан), дейилади.

    2. Рукудан «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» (Аллоҳ Уни ҳамд этганларни эшитгувчидир), деб қад кўтарилади, бу ҳолат «қавма» дейилади. Қавма ҳолида: «Роббана лакал ҳамд» (Эй Роббимиз, ҳар турли ҳамд-санолар ёлғиз Сенгадир), дейилади.

    3. «Аллоҳу акбар» деб аввало тиззалар, ке-йин қўллар, сўнг пешона ва бурун ерга теккизилиб, сажда қилинади. Сажда қи-линаётганда оёқ панжалари қиблага қаратилади, эркакларнинг тирсаклари ерга тегмайди. Аёллар тирсакларини ерга қўядилар. Саждада уч марта: «Субҳана роббиял аъла» (Эй улуғ Роббим, Сен бутун нуқсонлардан поксан), дейилади.

    4. «Аллоҳу акбар» деб саждадан бош кўтарилади ва тиз чўккан ҳолда бир оз ўтирилади, бу ҳолат «жалса» дейилади. Жалсада қўллар, бармоқлар ўз ҳолича тутилиб, сонга қўйилади. Бармоқ учлари тизза билан тенг бўлиши лозим.

    Эркаклар чап оёқлари устига ўтирадилар. Ўнг оёқ панжалари қиблага қаратилади. Аёллар оёқларини ўнг тарафдан чиқариб ўтирадилар.

    1. «Аллоҳу акбар», деб иккинчи марта сажда қилинади. Саждада уч марта: «Субҳана роббиял аъла», дейилади. Шу билан биринчи ракат тугайди.

    2. «Аллоҳу акбар», деб қиёмга (тикка) турилади.

    3. Қиёмда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм»дан бошлаб, Фотиҳа сураси, орқасидан бир зам сура ўқилади.

    4. «Аллоҳу акбар», деб руку қилинади. Рукуда уч марта «Субҳана роббиял азийм», дейилади.

    5. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деб тик турилади, кетидан «Роббана лакал ҳамд», дейилади.

    6. «Аллоҳу акбар», деб саждага борилади. Саждада уч марта «Субҳана роббиял аъла», дейилади.

    7. «Аллоҳу акбар», деб саждадан бош кўтарилади ва бир оз ўтирилади.

    8. «Аллоҳу акбар», деб иккинчи бор сажда қилинади. Саждада уч марта: «Субҳана роббиял аъла», дейилади.

    9. «Аллоҳу акбар», деб саждадан бош кўтарилиб қаъдада ўтирилади ва қуйидагилар ўқилади:

    «АТТАҲИЙЯТ» ДУОСИ

    Аттаҳийяту лиллаҳи вас-солавату ваттоййибат. Ассаламу ‘алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу ‘алайна ва ‘ала ибадиллаҳис-солиҳийн. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ‘абдуҳу ва росулуҳ.

    Мазмуни: Мол, бадан, тил билан адо этиладиган бутун ибодатлар Аллоҳ учундир. Эй Набий! Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти Сизга бўлсин. Сизга ва солиҳ қулларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Иқрорманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Ва яна иқрорманки, Муҳаммад, алайҳиссалом, Аллоҳнинг қули ва элчисидирлар.

    САЛОВОТ

    Аллоҳумма солли ‘ала Муҳаммадив-ва ‘ала али Муҳаммад. Кама соллайта ‘ала Иброҳима ва ‘ала али Иброҳим. Иннака ҳамидум-мажид. Аллоҳумма барик ‘ала Муҳаммадив-ва ‘ала али Муҳаммад. Кама барокта ‘ала Иброҳима ва ‘ала али Иброҳим. Иннака ҳамидум-мажид.

    Мазмуни: Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласига раҳмат этганинг каби, Муҳаммад ва ул зотнинг оиласига раҳмат айла, Сен ҳамду мақтовга лойиқ ва буюк Зотсан. Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласига баракотингни эҳсон этганинг каби Муҳаммад ва ул зотнинг оиласи устига ҳам баракотингни эҳсон айла. Сен ҳамду мақтовга лойиқ ва буюк Зотсан.

    ДУО

    Роббана атина фид-дуня ҳасанатав-ва фил ахироти ҳасанатав-ва қина азабан-нар.

    Мазмуни: «Эй Роббимиз, бизга бу дунйода ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин».

    1. Аввал ўнг, кейин чап елкага қараб: «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» деб салом берилиб намоздан чиқилади.

    Шу билан бомдод намозининг икки ракат суннати тугайди. Бомдод намозининг икки ракат фарзи ҳам худди шу тартибда ўқилади. Фарқи — аввало, эркаклар ниятдан олдин (бошқа фарз намозлари олдидан ҳам) қуйидаги иқомат такбирини айтишади:

    Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ. Ҳайя ъалас-солаҳ, ҳайяъалас-солаҳ, Ҳайя ъалал-фалаҳ, ҳайяъалал-фалаҳ. Қод қоматис-солаҳ, қод қоматис-солаҳ Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ.

    Иқомат такбирининг лафзлари азонникига ўхшайди, фарқи — буниси тез айтилади. Бомдод намозининг фарзига қуйидагича ният қилинади: «Аллоҳ ризолиги учун бомдод намозининг икки ракат фарзини ўз вақтида ўқишни ният қилдим». Қолган қисми суннат билан бир хил давом этаверади.

Сайт созловчи

Устозлар

  • Шайх, Доктор Билал Абу Амина ҳафизаҳуллоҳ
  • Абдулатиф Қори ҳафизаҳуллоҳ
  • Устоз Абдулҳафиз домла